21 октябр
Сил касаллиги билан курашиш бўйича иттифоқ (TB Alliance) Корея Республикасининг кўмаги билан дори-дармонларга чидамли сил касаллигини даволашнинг такомиллаштирилган усулларини татбиқ қилиш ва улардан кенг кўламда фойдаланиш ташаббус дастурини эълон қилади
Жануби-Шарқий ва Марказий Осиёдаги сил касаллиги билан оғриган ҳар 5 бемордан 1 тасида силнинг мана шу тури мавжуд бўлган ва ушбу касаллик бўйича кескин вазиятга эга еттита мамлакатларга асосий эътиборни қаратган ҳолда, дори-дармонларга чидамли сил касаллигидан бутунлай тузалиш кўрсаткичларини ошириш бўйича LIFT-TB ташаббуси
ПРЕТОРИЯ ш. (21 октябр 2020 йил)—Сил касаллиги билан курашиш бўйича иттифоқ (TB Alliance – Tuberculosis Alliance) сил касаллигини даволашнинг такомиллаштирилган схемаларини қўллаш ва улардан кенг кўламда фойдаланиш ташаббусини эълон қилди. LIFT-TB (Leveraging Innovation for Faster Treatment of Tuberculosis - Силни тезкор даволаш учун инновациялардан фойдаланиш) номи билан танилган ушбу ташаббус дастури, шунингдек, ушбу сил касаллигига энг кўп чалинган айрим Жануби-Шарқий ва Марказий Осиё мамлакатларида, жумладан, Индонезия, Мянма, Филиппин, Въетнам, Қирғизистон, Украина ва Ўзбекистонда сил касаллигининг дори-дармонларга чидамли шаклларини тўлиқ даволаш кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган.
"Биз яқинда сил касаллигининг дори-дармонларга чидамли кўпчилик турларига қарши курашда жуда катта ижобий силжишга гувоҳ бўлдик", деди Сил касаллиги билан курашиш бўйича иттифоқнинг Дори-дармонларни бозорга чиқариш бўйича катта вице-президент Сандип Жунежа. “Энди биз сил касаллигини даволашнинг янги схемаларини бу касалликдан энг кўп жабр кўраётганларга кенг кўламда тақдим этиш орқали ижобий ўзгаришларга ҳисса қўшаётганлигимиздан жуда мамнунмиз”.
Ушбу беш йиллик лойиҳа, Касалликларни йўқ қилиш бўйича глобал жамғарма (GDEF) кўмагида, Сил касаллиги билан курашиш бўйича иттифоқ ҳамда Корея Республикаси ҳамкорлигида еттита мамлакат бўйлаб умумий қиймати тахминан 11 миллион AҚШ долларига тенг бўлган лойиҳани амалга оширишни назарда тутади. Лойиҳа сил касаллигини даволашнинг такомиллаштирилган схемаларини татбиқ қилиш ва уларни кенг қўллашга кўмаклашиш ва дори-дармонларга чидамли сил касаллигининг соғлиқни сақлаш ва санитария-эпидемиология тизимларига бўлган оғир юкини камайтириш учун техник ёрдам кўрсатиш орқали силга чалинган беморларнинг, уларнинг оилаларининг ва жамиятнинг ҳаётини сақлаш ва маблағларини тежашга қаратилган. Бошқа мақсадлар билан бир қаторда, ушбу лойиҳа ЖССТ нинг амалдаги кўрсатмаларига мувофиқ келувчи, BPaL режими номини олган, олти ой давомида оғиз орқали қабул қилинадиган учта дори-дармон (бедаквилин, претоманид ва линезолид) билан даволаш схемаси бўйича иштирокчи-мамлакатлар томонидан режалаштирилган амалиётларни ўрганиш тадқиқотларини қўллаб-қувватлайди.
Ушбу лойиҳа унинг доирасида Сил касаллиги билан курашиш иттифоқининг асосий ҳамкори бўлган ва Кореяда жойлашган Халқаро сил касалликлари тадқиқотлари Маркази (ITRC) билан ҳамкорликда амалга оширилади. Лойиҳа бошқа халқаро ва миллий техник ҳамкорлар, шу жумладан Сил касалликларига қарши кураш жамғармаси (KNCV TB)нинг техник кўмагига таянади.
“Халқаро сил касалликлари тадқиқотлари маркази (ITRC) дори-дармонларга чидамли бактерияларни тез ва тўғри аниқлаш учун диагностика технологияларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва кенг татбиқ этиш билан шуғулланади. Биз LIFT-TB ташаббус дастурида қатнашаётганимиздан ва сил касалликларини даволашнинг такомиллаштирилган схемаларини муваффақиятли жорий этиш ва кенг қўллашда сил касалликларини диагностика қилиш бўйича тажрибаларимиз билан ҳисса қўшаётганлигимиздан хурсандмиз”, деди доктор Сун Тэ Сонг, ITRC Бошқарув кенгаши раиси.
Лойиҳа, дори-дармонларга чидамли сил касаллигини даволашнинг янги схемалари, жумладан,умумий қилиб BPaL режими деб аталадиган, бедаквилин, претоманид ва линезолид дориларини биргаликда қўллаш билан амалга ошириладиган даволаш схемаларидан фойдаланиш имкониятларини яратишга кўмаклашади. New England Journal of Medicine (Янги Англия тиббиёт журнали)нинг 2020 йил 5 мартдаги сонида чоп этилишича, ушбу схема Силга қарши курашиш иттифоқи томонидан ўтказилган Nix-TB номли таянч клиник тадқиқотида ўрганилган бўлиб, унда 90% беморларда ижобий натижалар кузатилган.1 Силга қарши курашиш иттифоқи томонидан BPaL схемасининг бир қисми сифатида яратилган ва иттифоқнинг глобал ҳамкори бўлмиш Mylan компанияси томонидан оммавий равишда ишлаб чиқарилаётган претоманид деб аталувчи янги кимёвий бирикмани сотиш ҳуқуқи яқинда Европа комиссияси ҳамда Ҳиндистон дори воситаларининг айланмасини назорат қилиш бошқармаси томонидан берилди. Ушбу препарат дори-дармонларга буткул чидамли сил касаллиги (XDR-TB) ёки кўп дори-дармонларга чидамли сил касаллиги (MDR-TB)га чалинган, яъни организмининг даволанишни кўтара олмаслиги ёки жавоб бермаслиги синдроми бор катта ёшдаги беморларни даволаш учун BPaL схемасининг бир қисми сифатида оғиз орқали қабул қилинадиган таблеткалар кўринишида тасдиқланган.
2019 йилда дунё бўйлаб 10 миллионга яқин одам сил касаллигига чалинган, уларнинг 62 фоизи Жануби-Шарқий ва Ғарбий Тинч океани минтақаларида бўлган.2 Лойиҳадаги мақсад қаратилган етти мамлакат дунё аҳолисининг атиги 8 фоизини ташкил қилса-да, дунё бўйича дори-дармонларга чидамли сил касаллиги билан касалланишнинг 12,5 фоизи улар ҳиссасига тўғри келади ва касалланган беморларнинг ҳар учинчиси даволанади, холос.2
Сил касаллиги ҳақида
Сил касаллиги - бу одамдан одамга ҳаво орқали юқадиган юқумли касаллик. Силнинг барча шаклларини дори воситалари комбинацияси ёрдамида даволаш керак; сил касаллигининг энг дорига таъсирчан шакллари тўртта силга қарши дорилар ёрдамида олти ой давомида даволанишни талаб қилади.3 Силнинг XDR-TB шаклини ёки организмнинг дориларни кўтара олмаслик/жавоб бермаслик синдроми билан кечувчи MDR-TB шаклини даволаш ҳар доим узоқ давом этадиган мураккаб жараён ҳисобланади. Сил касаллигининг XDR-TB шакли билан касалланган беморларнинг аксарияти саккизта антибиотик комбинацияси ёрдамида 18 ой ёки ундан узоқ вақт давомида даволанади.3 Бу антибиотикларнинг баъзилари ҳар куни инъекция қилишни талаб қилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) сўнгги маълумотлари шуни кўрсатадики, XDR-TB ва MDR-TB бўйича муваффақиятли даволаниш даражаси мос равишда тахминан 39 фоиз4 ва 57 фоизни ташкил этади.2
Сил касаллиги билан курашиш бўйича иттифоқ ҳақида TB Alliance (Сил касаллиги билан курашиш бўйича иттифоқ) - бу силни даволашнинг тез таъсир қилувчи ва ҳамёнбоп нархлардаги схемаларини топиш фаолияти билан шуғулланувчи нотижорат ташкилотдир. Инновацион илм-фан ютуқлари ёрдамида ва дунё миқёсидаги ҳамкорлар ёрдамида биз глобал саломатлик ва фаровонликка ҳисса қўшадиган, такомиллашган ва тезкор силни даволаш усулларидан тенг имкониятлар ила фойдаланиш шароитларини таъминлашни мақсад қилганмиз. Сил касаллиги билан курашиш бўйича иттифоқ Aвстралия ташқи ишлар ва савдо Вазирлиги, Билл ва Мелинда Гейтс Фонди, KfW банки орқали Германия Таълим ва тадқиқотлар федерал вазирлиги, Инновацион соғлиқни сақлаш технологиялари глобал фонди, Индонезия соғлиқни сақлаш фонди, Айриш Эйд (Irish Aid, Ирландия халқаро ривожланиш ташкилоти), Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Тиббий тадқиқотлар кенгаши (Буюк Британия), Aллергия ва юқумли касалликлар миллий институти, Нидерландия Ташқи ишлар вазирлиги, Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (MOFA), Буюк Британиянинг Халқаро тараққиёт вазирлиги, Буюк Британиянинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда иш олиб боради.
GDEF ҳақида Корея Республикаси ҳукумати қошидаги Касалликларни йўқ қилиш бўйича глобал жамғарма (GDEF) ривожланаётган мамлакатларда юқумли касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш мақсадида Корея аэропортларидан жўнаб кетаётган йўловчилардан 1000 корейс вони миқдорида хайрия маблағларини ундиришни назарда тутадиган Авиачипта бирдамлик йиғими ҳисобига фаолият юритади. GDEF жамғармаси глобал миқёсда юқумли касалликларга қарши курашиш учун бир қатор инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва етказиб бериш бўйича турли хил манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик қилади. Ташқи ишлар вазирлиги GDEF фаолиятини юритиш ва бошқариш ваколатини Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)га топширади.
KOICA ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги (MOFA) ҳузуридаги Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Кореянинг етакчи ривожланиш бўйича ҳамкорлик агентлиги сифатида, Корея ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасида дўстона ва ҳамкорлик алоқалари ва ўзаро алмашинувни ўрнатадиган ҳамда ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни қўллаб-қувватловчи турли хил лойиҳалар орқали халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
- Контакт маълумотлари:
- Сил касаллиги билан курашиш бўйича иттифоқ Томас Линч (Thomas Lynch) 646.616.8639 Электрон почта манзили: communications@tballiance.org
Конради Ф. ва бошқалар. Организмнинг дориларга чидамсизлиги ёки умуман натижасизлиги билан кечувчи дори-дармонларга буткул чидамли ўпка сил касаллиги (XDR-TB) ва кўп дори-дармонларга чидамли сил касаллиги (MDR-TB)ни даволашда бедаквилин, претоманид ва линзолиднинг аҳамияти. Янги Англия тиббиёт журнали, 2020 й.; 382:893-902.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ). Сил касаллиги бўйича глобал ҳисобот, 2020 йил. Қуйидаги сайтда мавжуд: https://apps.who.int/iris/bitstream/handle/10665/336069/9789240013131-eng.pdf
Микробларга қарши резистентлик тавсифи. Дори-дармонларга чидамли инфекцияларга қарши глобал миқёсда курашиш. Май, 2016 й. Қуйидаги сайтда мавжуд: https://amr-review.org/sites/default/files/160518_Final%20paper_with%20cover.pdf
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ). Сил касаллиги бўйича глобал ҳисобот, 2019 йил. Қуйидаги сайтда мавжуд: https://apps.who.int/iris/bitstream/handle/10665/329368/9789241565714-eng.pdf?ua=1